
«Ўзбекларнинг чет элдаги оммавий муштлашувлари юртимиз обрўсига путур етказяпти» — президент
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев наркожиноятчилик ва уюшган гуруҳларга қарши кураш борасида масъул шахсларнинг фаолиятида қатъият етишмаётганлигини таъкидлади. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бу соҳадаги вазият Президент Администрациясининг аралашувидан сўнг ўзгарган. Хусусан, ўтган уч ой давомида мамлакатда 50 га яқин йирик наркогуруҳларнинг фаолиятига чек қўйилган.
Президент Мирзиёев, шунингдек, ўзбекистонлик фуқароларнинг хорижий давлатларда содир этаётган жиноятлари, хусусан, товламачилик ва зўравонлик ҳолатларига алоҳида эътибор қаратди. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бундай нохуш ҳолатлар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўсига жиддий путур етказмоқда.
«Энг ёмони, фуқароларимиз хорижда ҳам товламачилик ва зўравонлик билан шуғулланмоқда», – деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Ушбу ҳолат юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш, уларнинг хориждаги ҳаёти ва фаолиятини назорат қилиш, шунингдек, жиноят содир этган шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан қонуний чоралар кўриш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, хориждаги ўзбек диаспораси вакиллари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уларнинг ёрдамида ватандошларнинг муаммоларини ҳал этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш вазифаси қўйилди. Президент бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун барча зарур чоралар кўрилишини таъкидлади.
Манба: Gazeta.uz

Leave a Reply